2-бобАсосий воситалар (ОС): 0100–0300

Мисоллар: «Namuna Savdo MChJ (Машгулот учун)» тўқима ўқув ташкилоти, реал бозор нархлари · 1С даги ҳужжат ва ҳисобварақ номлари дастурдагидек (русча), тушунтириш ўзбекча

1. Ҳисоб сиёсати ва ҳисобварақлар

ОСВда 0100 «Основные средства» ҳисобварағини очсак, у бир нечта субҳисобвараққа бўлинган: 0130.2 «Рабочие машины и оборудование», 0140 «Мебель и офисное оборудование», 0150 «Компьютерное оборудование и вычислительная техника», 0160 «Транспортные средства». Лизинг объектлари алоҳида: 0300 «Молиявий ижарага олинган ОС».

Эскириш 0200 ҳисобварағида йиғилади. Бу контр-актив, яъни қолдиғи кредитда: 0230.2, 0240, 0250, 0260. Лизинг объектлари учун алоҳида 0299.

Ҳисоб сиёсати (мисол учун). Бухгалтерия ҳисобида ОС учун аниқ нарх чегараси стандартда йўқ. Уни ташкилот раҳбари ҳисоб сиёсатида ўзи белгилайди. Бизнинг ўқув ташкилотда: нархи 5 000 000 сўмдан юқори ва 12 ойдан кўп ишлатиладиган актив — ОС. Ундан арзон бўлса, бу инвентарь ва хўжалик жиҳози, у 1080 ҳисобварағида туради.

2. 1С да ОСни қабул қилишнинг икки усули

ОСВда ҳар бир ОС бўйича қолдиқ ва айланма кўринади. Аудитнинг биринчи қадами: бу қолдиқ қайси ҳужжатдан пайдо бўлганини аниқлаш. 1С да ОСни икки хил қабул қиладилар.

2.1 Янги усул: «Поступление: Основные средства»

«ОС и НМА» бўлимидаги шу битта ҳужжат қабул қилишни ҳам, ҳисобга олишни ҳам бирданига қилади. Мисол — Токарлик станоги: 1 000 000 000 сўм, ҚҚС 12%, «Рабочие машины и оборудование», ҳисобварақ 0130.2, эскириш ҳисобварағи 0230.2.

Скриншот 10. «Поступление: Основные средства» (янги усул): Токарлик станоги — 1 000 000 000 сўм, ҚҚС 12%.
Скриншот 10. «Поступление: Основные средства» (янги усул): Токарлик станоги — 1 000 000 000 сўм, ҚҚС 12%.

Ҳужжат ҳисоб-китобда «Подразделение взаиморасчетов»ни ҳам сўрайди: ОСни ҳисобга олиш бўлими билан етказиб берувчи билан ҳисоб-китоб бўлими бошқа бўлса, уларни алоҳида кўрсатасиз. Яна ликвидация қийматини ёзиш мумкин. Мен ўқув мисолда уни нолга тенг деб олдим.

2.2 Эски усул: «Поступление: Оборудование» ва «Принятие к учету ОС»

Бу ерда ускуна аввал 0710 «Ўрнатиладиган асбоб-ускуналар — маҳаллий» ҳисобварағига киримга олинади. Кейин алоҳида ҳужжат — «Принятие к учету ОС» — уни ОСга ўтказади. Мисол: Ноутбук, 12 000 000 сўм, 10.03.2026.

Скриншот 11. «Принятие к учету ОС» (эски усул): Ноутбук (ўқув), 12 000 000 сўм.
Скриншот 11. «Принятие к учету ОС» (эски усул): Ноутбук (ўқув), 12 000 000 сўм.
УсулҲужжатПроводкаСумма, сўм
Янги (Токарлик станоги)Поступление: Основные средстваДт 0820.2 / Кт 6010 (етказиб берувчига)1 000 000 000
Дт 0130.2 / Кт 0820.2 (ОСга ўтказиш)1 000 000 000
Дт 4410.1 / Кт 6010 (ҚҚС)120 000 000
Эски (Ноутбук)Поступление: ОборудованиеДт 0710 / Кт 6010 (етказиб берувчига)12 000 000
Поступление: ОборудованиеДт 4410.1 / Кт 6010 (ҚҚС)1 440 000
Принятие к учету ОСДт 0150 / Кт 071012 000 000

Янги усул БҲМСнинг ОС схемасига мос: харид қилинган объект — Дт 0100 / Кт 0820. Эски усулда объект вақтинча 0700-да туради.

Эски усул керак бўладиган ҳолатлар бор. Масалан, ускунани ўрнатиш, монтаж ва созлаш харажатлари бўлса (улар ОСнинг бошланғич қийматига киради). Ёки объект бир кун олинса-ю, бошқа кун ишга туширилса (амортизация ишга туширилган кундан бошланади).

Эски усулнинг хавфи. «Принятие к учету» ҳужжатининг ҳамма саҳифасини диққат билан тўлдириш керак (скриншот 11: «Внеоборотный актив», «Основные средства», «Бухгалтерский учет» ва ҳ.к.). Нарх чегарасини ва амортизация созламаларини сиз ўзингиз назорат қиласиз. Янги усулда буни дастур қисман ўзи қилади.

Яна бир нарса: ҳужжатларда «Состав комиссии» вкладаси бор («Поступление основных средств», «Принятие к учету ОС», «Списание ОС»). Комиссия аъзоларини ёзсангиз, босма шаклда чиқади.

3. Хато: чегарадан арзон предмет ОС қилиб қўйилган

ОСВни 0150 ҳисобварағи бўйича очамиз ва объектларни кўрамиз.

Скриншот 13. «Оборотно-сальдовая ведомость по счету 0150» (тузатишдан аввал).
Скриншот 13. «Оборотно-сальдовая ведомость по счету 0150» (тузатишдан аввал).

Принтер (2 500 000 сўм) бизнинг ҳисоб сиёсатидаги чегарадан (5 000 000) арзон. Демак, у ОС эмас. Лекин 05.04.2026-да уни «Поступление: Оборудование» билан 0710-га, кейин «Принятие к учету ОС» билан 0150-га олишган. Натижада унга амортизация ҳам ҳисобланган (апрелда 60 185,19).

Нима қилиш керак? Бу предмет инвентарь, у 1080 ҳисобварағида туриши керак. Ишга берилганда қиймати харажатга ёзилади. Унинг ҳисоби балансдан ташқари ҳисобварақда (014) юритилади. Буни тўлиқ китобнинг 07-бобида батафсил кўрамиз.

Тузатиш

  1. Хато жорий давр ичида бўлгани учун ҳужжатларни бекор қиламиз: «Принятие к учету ОС» (Принтер) ўтказилиши бекор қилинади ва ўчиришга белгиланади. «Поступление: Оборудование» ҳам.
  2. Предметни «Поступление (акт, накладная)» ҳужжати билан киримга оламиз. Вид операции «Товары», номенклатураси — инвентарь, ҳисобварақ 1080. Дт 1080 / Кт 6010 — 2 500 000; ҚҚС: Дт 4410.3 / Кт 6010 — 300 000.
  3. Ой(лар)ни қайта ёпамиз («Закрытие месяца»). Принтер бўйича ҳисобланган амортизация йўқолади.
Скриншот 17. 0150 бўйича ОСВ (тузатишдан кейин): Принтер йўқ.
Скриншот 17. 0150 бўйича ОСВ (тузатишдан кейин): Принтер йўқ.

Агар шундай предмет олдинги йиллардан ОС таркибида қолиб кетган бўлса, эски ҳужжатларни ўзгартириб бўлмайди. У ҳолда инвентаризация ўтказилади, раҳбар буйруғи билан предмет ҳисобдан чиқарилади ёки инвентарь деб қайта таснифланади. Хато катта бўлса, у олдинги даврлар хатоси сифатида тузатилади.

Солиқ томондан ҳам оддий. Нархи БҲМнинг 50 бараваридан паст предмет солиқ мақсадида ОС эмас. Инвентарь сифатида ҳисобга олиниб, харажатга ёзилган предметнинг қиймати чегириб ташланади, лекин харажат асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши шарт. Предмет аввал ОС бўлиб амортизация қилинган бўлса, унинг қиймати иккинчи марта чегирилмайди: бир харажат фақат бир марта чегирилади.

4. Лизинг: 0300 ҳисобварағи

Скриншот 15. «Оборотно-сальдовая ведомость по счету 0300»: лизингга олинган объект.
Скриншот 15. «Оборотно-сальдовая ведомость по счету 0300»: лизингга олинган объект.

Лизинг бўйича ОСни олувчи ташкилот ҳисобига қабул қилади. Қиймат шартнома бошидаги объектнинг жорий қиймати ёки минимал тўловларнинг дисконтланган қиймати (қайсиси паст бўлса) бўйича олинади. Қиймат ва мажбурият бир хил суммада акс этади.

ОперацияПроводка
Объектни олишДт 0300 (0310) / Кт 6950 «Узоқ муддатли мажбуриятлар — жорий қисми» ва 7910 «Тўланадиган молиявий ижара»
Жорий тўловДт 6950 / Кт пул маблағлари
Ҳисобланган фоизДт 9610 / Кт 6920
ЭскиришДт харажат (9420) / Кт 0299 (0200 эмас)
Мулкка ўтгандаДт 0100 / Кт 0310; эскириш 0299 → 0200

Бизнинг ўқув ҳужжатда объект 180 000 000 сўмга, мажбурият 7910 ҳисобварағига (180 000 000 + ҚҚС 21 600 000) киритилган: Дт 0710 / Кт 7910, кейин Дт 0300 / Кт 0710. Эскириш 0299-га ҳисобланади (апрелда 1 100 000 = 180 000 000 / 60 ой × 11/30 кун).

Мажбуриятни жорий ва узоқ муддатли қисмларга бўлиш ва дисконтлаш бўйича тўловлар жадвали бизда йўқ. Шунинг учун объект қийматини минимал тўловларнинг дисконтланган қиймати билан солиштира олмаймиз. Амалда бу текширув лизинг шартномаси ва тўловлар жадвали билан бажарилади.

Солиқ томондан: лизинг бўйича олинган амортизация қилинадиган актив ижарага олувчининг амортизация қилинадиган активига киради. Унинг бошланғич қиймати оддий харид қилинган актив каби аниқланади.

5. Амортизацияни (0200) текшириш

Амортизация тўғри ҳисобланганини тез текшириш учун «Ведомость амортизации ОС» ҳисоботи бор («ОС и НМА» → «Отчеты»). У ҳар бир ОС учун давр бошидаги қиймат, эскириш, қолдиқ қиймат ва давр ичида ҳисобланган амортизацияни кўрсатади. Янги ҳисоботда «Дополнительные поля» вкладида «Процент годовой амортизации НУ»ни ҳам чиқариш мумкин.

Скриншот 14. «Ведомость амортизации ОС за период»: Ноутбук бўйича амортизация йўқ.
Скриншот 14. «Ведомость амортизации ОС за период»: Ноутбук бўйича амортизация йўқ.

Ноутбук 10.03.2026-да ОС қилиб қабул қилинган. Лекин амортизация йўқ. Сабабини ҳужжатнинг «Бухгалтерский учет» саҳифасидан топамиз.

Скриншот 12. «Принятие к учету ОС» (Ноутбук), «Бухгалтерский учет» саҳифаси: «Начислять амортизацию» белгиси қўйилмаган.
Скриншот 12. «Принятие к учету ОС» (Ноутбук), «Бухгалтерский учет» саҳифаси: «Начислять амортизацию» белгиси қўйилмаган.
Сабаб. Эски усулда ОС қабул қилинганда «Начислять амортизацию» белгиси ўчиқ қолган (ёки қўйилмаган). Амортизация объект ОСга қабул қилинган ва ишга туширилган кундан бошланади, қиймат тўлиқ қопланмагунча давом этади. Фаолият натижасидан қатъи назар ҳисобланади.

Тузатиш

  1. «Принятие к учету ОС» ҳужжатини очамиз. «Бухгалтерский учет» саҳифасида «Начислять амортизацию»га белги қўямиз. Ҳужжатни қайта ўтказамиз.
  2. Таъсир қилган ойларни (бизда март ва апрель) қайта ёпамиз: «Закрытие месяца» → «Отменить закрытие месяца» → «Выполнить закрытие месяца». Ҳужжатларни алоҳида қайта ўтказиш шарт эмас.
Скриншот 16. «Ведомость амортизации ОС за период» (тузатишдан кейин): Ноутбук бўйича амортизация ҳисобланган.
Скриншот 16. «Ведомость амортизации ОС за период» (тузатишдан кейин): Ноутбук бўйича амортизация ҳисобланган.
ОбъектҚийматСПИАпрель амортизациясиИзоҳ
Токарлик станоги1 000 000 000120 ой8 333 333,331 000 000 000 / 120
Юк автомобили520 000 00060 ой8 666 666,67520 000 000 / 60
Сервер100 000 00036 ой2 777 777,78март: 100 000 000 / 36 × 20/31 = 1 792 114,70 (12.03-дан)
Ноутбук12 000 00036 ой333 333,33март: × 22/31 = 236 559,14 (10.03-дан)
Упаковка линияси260 000 00024 ой10 472 222,22260 000 000 / 24 × 29/30 (02.04-дан)
Юклагич (лизинг, 0299)180 000 00060 ой1 100 000,00180 000 000 / 60 × 11/30 (20.04-дан)

Амортизация қайси кундан бошланади? ОС бўйича — қабул қилинган ва ишга туширилган кундан. Қабул қилинган ойда амортизация унинг қолган кунларига пропорционал ҳисобланади. Масалан, Сервер 12 мартда қабул қилинган, шунинг учун март ойи учун 20/31 кун олинган. Ойнинг бошидан ҳисоблаб юборсангиз, хато бўлади.

НМАда қоида бошқа: амортизация қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошланади (тўлиқ китобнинг 03-боби).

Ва яна бир нарса. ОСни ҳисобдан чиқарганда ёки бошқага берганда амортизация шу ой бошидан ҳужжат санасигача ҳисобланади, бутун ой учун эмас. «Перемещение ОС» ҳужжатини ўтказишда дастур жорий ойда амортизация ҳисобланганини текширади, бу ҳам ойни ёпиш кетма-кетлигига алоқадор.

Бошқа дастурдан ўтганингизда. Бошланғич қолдиқларни киритишда амортизация бўйича хато кўп чиқади. Янги дастурга ўтсангиз, биринчи 1–2 ой «Ведомость амортизации ОС» орқали ҳамма сумма тўғри ҳисобланганини албатта текширинг.

6. Солиқ томондан: бухгалтерия ва солиқ амортизацияси

Бухгалтерия амортизацияси ва солиқ амортизацияси алоҳида ҳисобланади. Бухгалтерияда сиз ОСни фойдали хизмат муддати бўйича (1С да — СПИ) амортизация қиласиз. Солиқда эса Кодексдаги гуруҳлар ва нормалар бор. Ҳар бир гуруҳ учун энг юқори норма белгиланган. Солиқ тўловчи бундан пастроқ норма танлаши мумкин.

ГуруҳЭнг юқори норма (йилига, %)
I. Бинолар5
I. Иншоотлар10
II. Қувурлар, электр узатиш ва телекоммуникация линиялари15
III. Машиналар ва ускуналар (транспорт ускуналаридан ташқари)20
IV-1. Кемалар, қайиқлар, ҳаво ва космик аппаратлар, локомотивлар, темир йўл таркиби10
IV-2. Автотранспорт воситалари, тиркамалар, бошқа транспорт ускуналари20
V. Компьютерлар ва периферия ускуналари40
VI. Бошқа гуруҳларга киритилмаган амортизация қилинадиган активлар15

Солиқ мақсадида ОС бўлиши учун нархи БҲМнинг 50 бараваридан юқори бўлиши керак. БҲМ қанча? 2026 йил январь–августда 412 000 сўм, 1 сентябрдан 440 000 сўм. Яъни 50 БҲМ январь–августда 20 600 000 сўм, сентябрдан 22 000 000 сўм.

Бизнинг объектлар январь–апрелда қабул қилинган, шунинг учун улар учун 20 600 000 чегараси ишлатилади. Солиқ ҳисоб сиёсатида ОС учун пастроқ чегара белгилаш мумкин. Шунда солиқ чегараси бухгалтерия чегараси (5 млн) билан бир хил бўлиши мумкин.

Энди ўқув объектларни бир тўлиқ ой учун таққослаймиз.

ОбъектҚийматСолиқ гуруҳиСолиқ (энг юқори)БухгалтерияХулоса
Токарлик станоги1 000 000 000III (20%)16 666 666,678 333 333,33Бухгалтерия амортизацияси солиқ нормасидан кичик. Солиқда 16,67 млн гача чегириш мумкин, бухгалтерияда харажат 8,33 млн. Пастроқ норма танлаш ҳам мумкин
Юк автомобили520 000 000IV-2 (20%)8 666 666,678 666 666,67Бир хил (СПИ 60 ой = 20%)
Сервер100 000 000V (40%)3 333 333,332 777 777,78Бухгалтерия камроқ; нархи солиқ чегарасидан (22 млн) юқори
Упаковка линияси260 000 000III (20%)4 333 333,3310 833 333,33Бухгалтерия амортизацияси (СПИ 24 ой = 50%) солиқ нормасидан (20%) катта. Ортиқча қисм солиқда чегирилмайди
Юклагич (лизинг)180 000 000III (20%)3 000 000,003 000 000,00Лизинг объекти ижарага олувчининг амортизация қилинадиган активига киради; СПИ 60 ой = 20%
Ноутбук, Кондиционер12 000 000; 9 000 000——333 333,33; 80 000,00Нархи 22 млн дан паст: солиқ мақсадида ОС эмас. Солиқ сиёсатида чегара пастроқ белгиланса, улар ОС бўлади

Бу таққослашнинг маъноси нима? Бухгалтерия СПИни қисқа қилиб белгиласа (Упаковка линияси — 24 ой), бухгалтерия харажати солиқдаги чегирмадан катта бўлиб кетади. Бу фарқ фойда солиғи ҳисоботида чегирилмайдиган харажат («невычитаемые расходы») бўлиб чиқади: бухгалтерия амортизацияси солиқ амортизациясидан ортиқ бўлган қисми. Шунинг учун СПИни танлашда солиқ нормасига ҳам қараган маъқул.

Солиқ ҳисоботи (фойда солиғи) ни тўғри тўлдириш учун ОС карточкасида «Налог на прибыль» гуруҳини кўрсатиш керак. Агар кўрсатилмаса, объект «Амортизируемый актив, не включенный в другие группы» (061-сатр) га тушади.

Солиқ амортизацияси қайси кундан бошланади? Солиқ кодекси 306-модда, 33-қисм: амортизацияни ҳисоблаш объект фойдаланишга топширилган санадан эътиборан бошланади (давлат рўйхатидан ўтказилган санадан қатъи назар). Бизнинг базада шундай чиқди: Упаковка линияси 02.04.2026-да ОСга қабул қилинган. Солиқ (НУ) амортизациясининг апрель ойи суммаси 4 188 888,89 сўм, бу тўлиқ ой суммасининг (4 333 333,33) 29/30 қисми. Яъни 2 апрель ҳам ҳисобга киради, 1С санадан бошлаб ҳисоблайди ва Кодекснинг шу қоидасига мос келади.

7. Аудит чек-листи

Нимани кўрамизҚаердаНима демакНима қиламиз
0100/0150-да чегарадан арзон предметОСВ по счету 0150 (0140, 0130…)Предмет ОС эмас, инвентарь бўлиши керакҲужжатларни бекор қиламиз; 1080; олдинги даврда — инвентаризация ва буйруқ
ОС бор, 0200 бўйича амортизация йўқВедомость амортизации ОС«Начислять амортизацию» белгиси ўчиқ ёки ой ёпилмаганҲужжатни тузатамиз; ойни қайта ёпамиз
Амортизация СПИ бўйича кутилганидан фарқ қиладиВедомость амортизации ОССПИ, усул ёки қабул қилинган сана нотўғри«Принятие» ҳужжатини текширамиз
Лизинг объекти 0300-да, мажбурият 7910/6950-да эмасОСВ по счету 0300, 7910Молиявий ижара схемаси бузилганПроводкани схема бўйича тузатамиз
Лизинг объекти амортизацияси 0200-даВедомость амортизации ОС0299 бўлиши керакҲисобварақни тузатамиз
ОС карточкасида «Налог на прибыль» гуруҳи йўқКарточка ОСОбъект 061-сатрга тушадиГуруҳни кўрсатамиз
Янги дастурга ўтгандан кейин амортизацияВедомость амортизации ОСҚолдиқларни киритишда хатоБиринчи 1–2 ой назорат қиламиз

8. Аниқлаштирилиши керак бўлган жойлар (* белгили)

№СаволҚаердан
1Солиқ кодекси таҳрирининг амалдагилигиlex.uz

Манбалар

Бу «1С базани аудит қилиш» электрон китобининг бепул намунаси: 17 бобдан биринчи иккитаси. Қолган бобларда НМА, капитал қўйилмалар, ТМЗ, ҚҚС, харажатлар, ойни ёпиш, касса ва банк, контрагентлар, солиқлар, иш ҳақи ва молиявий натижа худди шундай кўриб чиқилади. Китоб ҳақида батафсил →