Кириш
— Домла, сиз сунъий интеллектга ишонасизми?
— Биласизми, Анвар, мен табиий ақлга ҳам унчалик ишонмайман.
Бу қўлланма кимларга мўлжалланган
Қўлланма «1С:Бухгалтерия 8 3.0» дастури билан ишлашни ўрганаётган янги бухгалтерлар, талабалар ва ўқитувчилар учун мўлжалланган. Бухгалтерия ҳисобини фақат ўқиб ўрганиб бўлмайди: автомобилни ҳайдашни ҳам қоидани ёдлаб эмас, рулга ўтириб ўрганасиз. Шунга қиёсан қўлланмадаги амалларни бажаришга харакат қилинг.
Нима учун матнли қўлланма ўқиш самарали?
Ҳозир кўпчилик янги билимларни видеодан ўрганишни афзал кўради ва бунинг сабаби йўқ эмас албатта: видеода жараён қандай кетма кетликдалигини кўриш қулай. Лекин «кўрдим — тушундим» ҳиссиёти алдамчи бўлиши мумкин. Видео ўз тезлигида кетади, мия эса кўп ҳолларда фақат томоша қилади: ким ва нима қилаётганини кузатасиз, ва кўпроқ пассив ҳолатда бўлади.
Матн билан ишлаш бошқача. Ўқиётганда ўз тезлигингизни ўзингиз белгилайсиз: қийин жойда тўхтайсиз, ўтган жойга қайтасиз, кераксизини ўтказиб юборасиз. Топшириқни ўзингиз бажарасиз, натижани солиштирасиз ва фарқни ўзингиз излайсиз. Билим маҳкам ўрнашиши учун айнан шундай фаол иш, яъни эслаш, қўллаш ва хатони топиш энг самарали усуллардан бири. Бундан ташқари, матндан керакли жойни қидириб топиш мумкин: меню йўли, ҳисобварақ рақами ёки суммани. Видеода эса қидирув имконсиз.
Бу видеонинг фойдасиз эканини англатмайди. Видео икки ҳолатда қулай: дастурдаги амалиётни кетма кетлигини кўрсатиш керак бўлганда (масалан, ҳужжат шаклини тўлдириш, тугмалар кетма-кетлиги) ва бошқа бухгалтернинг ишлаш услубини кўриш керак бўлганда.
Дастур билан биринчи марта танишаётганда ёки янги версияга ўтаётганда эса матнли қўлланма кўпроқ фойда беради.
Узлуксиз мисол
Барча топшириқлар — мебель ишлаб чиқарувчи «BESTMADE» МЧЖ мисолида бажарилади. Корхона 2026 йил 16 январда давлат рўйхатидан ўтган. хўжалик операциялари эса ҳар бобда бир-бирининг давоми бўлиб боради: устав капитали, банк ва касса, асосий воситалар, захиралар, иш ҳақи ва ҳ.к. Исмлар, ташкилотлар, СТИР, ҳисоб рақамлари ва суммалар шартли, лекин реал ҳисоб-китоб миқёсида олинган.
Мавзу қандай тузилган
- Нима ўрганасиз — мавзу бошида қисқа рўйхат.
- Маълумот — корхона хўжалик фаолиятида нима содир бўлган (ҳужжат, сумма, сана).
- Топшириқ — дастурда нимани расмийлаштириш керак.
- Ечим — қадамма-қадам: қайси менюдан кириш, қайси тугмани босиш. Менюлар йўли аввал русча (дастурда шундай ёзилган), қавс ичида ўзбекча берилади.
- Натижа — қандай ўтказма ва қайси сумма чиқиши керак, ўзингизникини шу билан таққослайсиз.
- Расмлар — ўқув базасидан олинган скриншотлар.
- Назорат саволлари ва тест — мавзу охирида.
Қонунчилик асоси
Ҳисобварақлар ва ҳисоб тартиби Ўзбекистон Республикасининг бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари (БХМС) ва 21-сонли ҳисобварақлар режасини қўллаш бўйича йўриқнома асосида, солиқлар эса Солиқ кодекси асосида берилади. Ҳар бобда «Ҳуқуқий асос» қутиси бор: у ерда қайси банд ёки модда қўлланганини кўрасиз.
Қандай ўқиш керак
- Мавзуни ўқиб, 1С дастурида параллел равишда амалиётни бажариб бориш тавсия этилади.
- Топшириқни аввал ўзингиз бажаринг, кейин «Ечим» билан солиштиринг.
- Сиз бажарган амаллар китобдаги рақамлардан фарқ қилганда, хатони излаш энг фойдали машқ. Одатда сабаб ҳужжат санаси, танланган ҳисобварақ ёки ўтказилмаган ҳужжатда бўлади.
- Тест ва назорат саволларига ўтишдан олдин қолдиқларни ҳисоботда текширинг.
Дастур интерфейси русча, шунинг учун тугма ва ҳужжат номлари матнда русча (қалин) ёзилади, керак бўлса қавсда ўзбекча изоҳланади.